Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулхаким Эшмуратов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятида суд қарорлари ижросини таъминлаш, коррупция ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимини ўрганди. Ишчи гуруҳ “Қарши тажрибаси” асосида Қарши шаҳрида фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг янги ёндашувлари билан танишди. Хусусан, шаҳар ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган штаб фаолияти, мурожаатларни тизимли таҳлил қилиш, уларни манзилли ҳал этиш, ҳар бир мурожаат бўйича аниқ чоралар белгилаш ҳамда ижро интизомини таъминлаш бўйича йўлга қўйилган амалиёт кўздан кечирилди. Шунингдек, Сенатга Қашқадарё вилояти аҳолисидан келиб тушган мурожаатлар таҳлили асосида вилоят Халқ қабулхонасида сайёр қабул ташкил этилди. Сайёр қабул давомида 48 нафар фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилди. 7 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди, яна 9 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳат берилиб, мурожаатлари қаноатлантирилди. Жумладан, Касби туманидаги “Талишбе” маҳалласида яшовчи фуқаронинг бандлик масаласи ижобий ҳал этилиб, унга ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. Қарши шаҳрининг “Арабхона” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаронинг ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун зарур тўловларни қоплаб бериш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш белгиланди. Ўрганиш якунида фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш, суд қарорлари ижросини таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича мавжуд амалиётни кучайтиришга қаратилган тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилди.