Ўзбекистонда жаҳоннинг энг машҳур футбол академияларидан бири — “Barça Academy”ни ташкил этиш имконияти муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Испаниянинг машҳур “Барселона” клуби вакиллари иштирокида ўтказилган онлайн учрашувда маълум қилинди.
Музокаралар давомида мамлакатда болалар ва ўсмирлар футболини янада ривожлантириш, иқтидорли ёш футболчиларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш ҳамда мураббийлар малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, дунёда юқори самарадорлиги билан танилган “Ла Масиа” академиясининг тайёргарлик тизими ва тажрибасини Ўзбекистонда жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
“Barça Academy” фаолияти йўлга қўйилса, ёш футболчилар замонавий машғулотлар, профессионал мураббийлар ва халқаро методикалар асосида билим ва кўникмаларини ошириш имконига эга бўлади. Бу эса келажакда мамлакат футболининг рақобатбардошлигини кучайтириш, иқтидорли ёшларни кашф этиш ва уларни халқаро майдонга тайёрлашда муҳим қадам бўлиши мумкин.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистонда “Barça Academy” лойиҳасини амалга ошириш имкониятларини биргаликда ўрганиш, ташкилий ва амалий масалалар бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Агар ушбу ташаббус амалга ошса, Ўзбекистон Марказий Осиёда “Барселона”нинг расмий академияси фаолият юритадиган мамлакатлардан бирига айланиши мумкин. Бу эса ёш футболчилар учун катта имкониятлар эшигини очиб, миллий футбол тараққиётининг янги босқичини бошлаб бериши эҳтимолдан холи эмас.